Загрузка страницы

Fakt va Fikr (17): Çiroyli konstitutsiyalar nega işlamaydi? Haqqingizni talab qilişni örganing!

Дунёда чиройли иборалар билан ёзилган, инсонларга барча ҳақ-ҳуқуқларни ваъда қиладиган, адолатсизликка йўл қўйилмаслигини таъкидлайдиган конституциялар жуда кўп.

Шулардан бири Ўзбекистон Конституциясидир. Унда республика фуқаролари кўплаб ҳуқуқ ва эркинликларга, жумладан, сиёсий партиялар тузиш, йиғилишлар ва норозилик намойишлари ўтказиш ҳуқуқларига эга эканлиги ёзиб қўйилган. Лекин амалда Конституциянинг айнан шу бандлари, яъни фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларига оид қисмлари ишламаслигини барча билади.

Бу ҳолат, яъни Асосий қонунининг инсон ҳуқуқларига оид жойлари ишламаслиги бошқа нодемократик давлатларда ҳам бор. Бундай аҳвол энг ривожланган давлатлар тарихида ҳам кузатилган. Лекин демократик давлатлар кейинчалик бу ҳолатга барҳам беришган.

Демак, чиройли конституциялар нега ишламайди? Бугунги кўрсатувда шу саволга жавоб қидирамиз.

Бугунги изланишимизни АҚШ тарихидан бошлайман.

АҚШ конституциясида ҳам инсон ҳуқуқларига оид баъзи нормалар орадан 80-100 йил вақт ўтгандан кейин амал қила бошлаган. Масалан, мамлакатда одамларнинг миллати ва ирқи жиҳатидан камсилитишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги банди 1868 йил қабул қилинган бўлса ҳам, бу норма орадан 100 йил ўтиб, яъни 1968 йилдан бошлаб амал қила бошлаган.

Ана энди сизларга савол, азиз томошабинлар! Нега бу ажойиб конституцион норма орадан бир аср ўтгандан кейин амал қила бошлади? Нега конституцияда ёзилиши биланоқ амал қила бошламади? Жавобларингизни ушбу видео остидаги шарҳларда ёзиб қолдиришингиз мумкин.

Сизлардан жавоблар келгунча АҚШ Конституциясидаги ана шу ажойиб норма тарихига диққатингизни қаратаман.

АҚШ конституцияси 1787 йил 17 сентябрь куни Филадельфияда қабул қилинган. Кейинчалик унга турли ўзгартиришлар киритиб борилган. Мамлакатда одамларнинг миллати ва ирқи жиҳатидан камсилитишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги 14-чи сонли тузатиш АҚШ конституциясига орадан 81 йил ўтгандан кейин, яъни 1868 йил 9 июль куни киритилган.

Ушбу тузатишнинг биринчи бўлимида шундай дейилади: “Қўшма Штатларда туғилган ёки унинг фуқаролигини четдан келиб олган ва Қўшма Штатларнинг қонунларига итоат этадиган барча шахслар Қўшма Штатларнинг ва ўзлари истиқомат қиладиган штатининг фуқароларидир. Қўшма Штатлар фуқароларининг имтиёз ва ҳуқуқларини чеклайдиган қонун чиқаришга ёки татбиқ қилишга ҳеч бир штатнинг ҳаққи йўқ; шу билан биргаликда ҳеч бир штат тегишли ҳуқуқий жараённи ўтказмасдан бирон бир шахсни ҳаётидан, эркинлигидан ёки мулкидан маҳрум қилиши ёки шахснинг қонуний ҳимоясини рад этиши мумкин эмас”. Иқтибос тугади.

АҚШ конституциясига 1868 йилда киритилган 14-чи сонли тузатиш мамлакатдаги барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тенг эканлигини расман эълон қилган илк конституцион норма ҳисобланади. Лекин бу норма дарров амал қила бошладими?

Йўқ. АҚШда ирқий камситилишлар яна юз йил давом этди. Ҳатто Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳам Америкадаги қонунларга кўра, қора танлилар баъзи ҳуқуқлардан расман маҳрум қилинган эдилар. Масалан, улар уй сотиб олишга, банкдан кредит олишга ёки тадбиркорлик қилишга ҳақлари йўқ эди.
Демак, чиройли конституциялардаги ажойиб нормалар нега ишламас экан? Кўрсатув бошида қўйилган жавоб шу: Чунки бу нормаларнинг бажарилишини ҳеч ким талаб қилмас экан ёки талаб қилса ҳам якка, алоҳида тарзда талаб қилишар экан!

Шу жавобдан яна бир савол келиб чиқади: Чиройли конституциялардаги ажойиб нормалар қачон ишлаб бошлар экан? Қачонки бу нормаларнинг бажарилиши оммавий тарзда талаб қилинса, ишлаб бошлар экан!

Сизнинг кўплаб ҳуқуқларингиз ҳақида жар солувчи ҳар қандай ҳуқуқий норма Конституцияда ёзилган бўлса ҳам, қонунларда ёзилган бўлса ҳам, то сиз уни ўқимагунингизча ҳуқуқий норма мақомида бўлади. Бу мақомда у ўша Конституция ва қонунларда яшайди холос.

Мана, масалан, Ўзбекистон Конституциясининг 25-чи моддасини олайлик. Унда нима дейилган? Унда: “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас”, деб аниқ ёзиб қўйилган.

Сиз шу нормани Конституциядан ёки қонунлардан топиб, ўқиганингиздан кейин бу норма ҳуқуқий тушунча, ҳуқуқий билим мақомига ўтади. Яъни сизнинг миянгизга кўчиб ўтади. Лекин бу ҳали ўша ҳуқуқий норма ва ҳуқуқий билим сизнинг ҳуқуқингизга айланди, дегани эмас.

Конституция ва қонунларда ёзилган ҳуқуқий норма, сизнинг миянгизда яшаётган ҳуқуқий билимингиз қачон сизнинг ҳуқуқуқингизга айланади?

Қачонки сиз шу ҳуқуқий норма ва тушунчаларингиз бажарилишини талаб қила бошласангиз улар сизнинг ҳуқуқингизга айланади. Сиз ҳуқуқларингизни биргалашиб талаб қилмас экансиз, Конституция ва қонунлар минг чиройли бўлсин, сиз эса шу Конституция ва қонунларнинг билимдони бўлинг, у ердаги гўзал нормалар сизнинг ҳуқуқингизга айланмайди.

Конституция ва қонунларда ёзиб қўйилган ҳуқуқларингиз ҳукумат томонидан бузиляптими? Демак, бунга ўзингиз айбдорсиз! Демак, сиз ҳукуматдан ҳуқуқларингиз бажарилишини талаб қилмаяпсиз ёки алоҳида, уюшмаган ҳолда талаб қиляпсиз!

Фактларни ўрганинг ва фикр қилинг!

Бобомурод Абдулла

2021 йил 22 март

Видео Fakt va Fikr (17): Çiroyli konstitutsiyalar nega işlamaydi? Haqqingizni talab qilişni örganing! канала Fakt va Fikr
Показать
Комментарии отсутствуют
Введите заголовок:

Введите адрес ссылки:

Введите адрес видео с YouTube:

Зарегистрируйтесь или войдите с
Информация о видео
22 марта 2021 г. 7:00:31
00:12:59
Яндекс.Метрика