Загрузка страницы

АСРАГИЛ (Сирожиддин САЙЙИД)

Яралгандан буён олам, дашту саҳролар -
Мангуликдан мангуликка оққан дарёлар.
Азал Оллоҳ юртим деган зотларга ёрдир,
Бу мулкларнинг чин эгаси Парвардигордир.

Бу мулкларга келиб кетди не-не карвонлар,
Номсиз кетди не сарвару, не-не сорбонлар.
Бирларига бош бердингу, тараф бермадинг,
Бирларига тож бердингу, шараф бермадинг.

Одам бўлиб олам билан сирлашолмаган,
Бир-бирига кеклар сақлаб бирлашолмаган.
Қўйиб берсанг шамолдан ҳам ўлпон олгайлар,
Инсонийлик дарёсига тўғон солгайлар.

Не деб сўйлар оналарнинг оҳ-аллалари,
Помирлару Олойларнинг оқ саллалари?
Мен бир кўчат ўтқизмаган жонлардан айтай,
Оллоҳ мулкин бозор қилган хонлардан айтай.

Улар бугун тоғлардаги қорни сотгайлар,
Диёнат ҳам номус билан орни сотгайлар.
Сув бердингу, лек дилларин сен соф бермадинг,
Нечун иймон бермадингу инсоф бермадинг?

Ер қаъридан келаверар абадий саслар,
Инсон нечун табиатдан олмагай дарслар?
Қаттол қайси, қурбон қайси - Ўзинг асрагил!
Шайтон киму раҳмон қайси - Ўзинг асрагил!

Ўтди даврон деганларнинг қанча-қанчаси,
Қолмиш Темур боболарнинг мушти, панжаси.
Қўрғонлари, айвонлари қуёш диёрим,
Сайхунлари, Жайҳунлари талош диёрим.

Ён қўшним, деб гоҳ бағрингни қонлар айладинг,
Бир жонингни қирқ мингларга бўлиб тайладинг.
Билармиди буни сенга жон бўлмаганлар,
Ўз юртига шаън бўлмаган, шон бўлмаганлар?

Азал олтин конларидан олтинлар чиққай,
Мард зотларнинг ҳар сўзидан ёлқинлар чиққай.
Бошинг узра Оллоҳ бўлсин ҳар дам паноҳинг,
Олам сенга Ҳумо бўлсин, Олам - паноҳинг.

Сирожиддин САЙЙИД

Видео АСРАГИЛ (Сирожиддин САЙЙИД) канала Islam Online
Показать
Комментарии отсутствуют
Введите заголовок:

Введите адрес ссылки:

Введите адрес видео с YouTube:

Зарегистрируйтесь или войдите с
Информация о видео
14 июня 2021 г. 19:16:59
00:03:30
Яндекс.Метрика