Загрузка страницы

18 Al Kaf | Abdulmajid qori

Қуръон аҳли - Аллоҳнинг хос бандаларидир

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак Каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, уни севиш, ўрганиш, тарқатиш, маъноларини ўзлаштириш ва бошқаларга ўргатиш ўзига хос фазилат бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали бу шарафли амалларга Аллоҳ таолонинг алоҳида ажр-мукофотлари ваъда қилинган.

Қуръон ўқиган инсоннинг имони мустаҳкамланади. Қорининг қалби Қуръоний қиссалар, ҳикматли панд-насиҳатлардан қувват олади. Қуръон эшитиб, елкасини тоғдек босиб турган
маънавий юкдан халос бўлади, ғам-андуҳлари арийди, дилини ғаш қилиб турган тугунлар ечилади.

Қуръони Каримда комил мўминлар шаънига мақтов айтилган: “Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинган вақтда қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат
қилинганда имонлари зиёда бўладиган, ёлғиз Парвардигорларигагина суянадиган кишилардир” (Анфол сураси, 2-оят).

Ерга раҳмат ёмғири ёғса, кўп ўтмай кўзни қувнатувчи майсалар униб чиқади, она замин кўм-кўк либосини кияди. Худди шунга ўхшаб Қуръон ўқиган, Қуръон эшитган мўминнинг қалбида имон нури барқ уради. Қуръонга ошно инсон имони мустаҳкамланади, иродаси пўлатдек метин, қалби қордек оппоқ, зилол сувдек мусаффо бўлади. Бу – чин мўминларга хос сифат.

Ҳидоятдан тўсилган, қалбида касаллик бор кимсага оятлар таъсир қилмайди. Аксинча уларнинг нонкўрликларини янада зиёда қилади. Шундай экан, биз Қуръонга бутун қалбимиз билан юзлансак, холис бўлсак, ана шунда Қуръон бизни иллатлардан тозалайди.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қиламиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда
қилади” (Исро сураси, 82-оят).

Қуръон ўқиган, ҳукмларига биноан яшаган, уни эъзозлаган мўминлар учун Каломуллоҳ дунёда шифо, охиратда раҳматдир. Қуръондан юз ўгирадиганлар, унга паст назар билан қарайдиганлар учун сўқирлик, ҳасрат-надомат, зулматдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни Исломга даъват қилишда, аввало, уларга Қуръон тиловат қилиб берардилар. Мусулмон бўлганларга илк ўргатадиган нарсалари ҳам Қуръон оятлари бўларди. Янги мусулмон бўлган кишиларни олдинроқ Исломга кирган саҳобаларга йўллаб, «Биродарларингизга Қуръон ўргатинглар», дердилар.

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Аллоҳга тақво қил”, деган васиятларига қаноатланмай: “Зиёда қилинг, ё Расулуллоҳ” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръон тиловати ва Аллоҳ зикрини ўзингга вазифа қилиб ол, чунки бу сен учун ер юзида нур, осмонда эса захирадир”, дедилар.
Қуръони каримда бундай дейилади:
«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордир. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир» (Фотир, 29–30).

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Сизларга қиёмат кунида умматимнинг энг афзали кимлигини билдирайми?” дедилар. “Ҳа, ё Расулуллоҳ!” дейишди саҳобалар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Улар Қуръон ўқувчилардир. Қиёмат кунида Аллоҳ: “Эй Жаброил! Ким Қуръон ўқиган бўлса, турсин, деб нидо қил”, дейди. Жаброил (алайҳиссалом) уч марта нидо қилади. Шунда улар саф-саф бўлиб, Аллоҳ ҳузурида туришади. Аллоҳ уларга: “Ўқинглар ва овозларингни кўтаринглар”, дейди. Улардан ҳар бири Аллоҳ Қуръонидан илҳомлантирганича ўқийди. Ким ўқиса, овози, оҳанги, хушуси, тадаббурига кўра даражаси кўтарилади. Сўнгра Аллоҳ: “Эй аҳлим! Дунёда ким сизларга яхшилик қилганини биласизларми?” дейди.“Ҳа”, деб жавоб беришади улар. Шунда Аллоҳ айтади: “Маҳшарга боринглар! Ким уларни таниса, ўзлари билан бирга жаннатга олиб кирсин!” дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди. Қуръон ҳофизи бўлишдек неъмат берилган ҳар бир инсон ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ибрат олиб, Қуръоний хулқ билан хулқланиши лозим. шунингдек, улар бошқалардан фарқли ўлароқ, ибодат ва бошқа барча солиҳ амалларда илғор бўлишлари лозим.
Тажвид қоидаларига амал қилиш ҳар бир мукаллаф (ақлли ва балоғатга етган) эркак ва аёлга фарздир. Зеро, бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Қуръон ўқиган ҳар бир кишига тажвидга амал қилиш фарздир”, деганлар.
“Тажвид” луғатда яхшилаш, сифатли қилиш маъносини англатади. Истилоҳда эса, Қуръоний сўзларни тўғри, хатосиз ўқиш “тажвид” дейилади.
Қуръон аҳли Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир;

Аллоҳим, Каломинг ҳаққи – ҳурмати устимиздаги улкан синовни Юртимиздан ва бутун инсониятдан тезроқ кўтаргин, бу ҳолатдан барчаларимиз гўзал сабр, ибрат, поклик, итоат ва сўнгида ажр, савоб ва мукофот билан чиқишимизни насиб эт.

Видео 18 Al Kaf | Abdulmajid qori канала MARVA TV
Показать
Комментарии отсутствуют
Введите заголовок:

Введите адрес ссылки:

Введите адрес видео с YouTube:

Зарегистрируйтесь или войдите с
Информация о видео
10 июля 2020 г. 16:03:36
00:30:42
Яндекс.Метрика